
Куни кеча Миллий гвардия Самарқанд вилояти Қўриқлаш бошқармаси томонидан "Амир Темур издошлари" ва "Темур бобом - менинг фаҳрим" шиорлари остида китобхонлик танлови ўтказилди.
Қўриқлаш хизмати ходимлари ва уларнинг фарзандлари ўртасида ташкил этилган мазкур танлов, Соҳибқирон Амир Темур тавваллудининг 685 йиллигига бағишланган бўлиб, асосий мақсадлардан бири буюк саркардамиз қолдирган бой маънавий мероси, ҳарбий санъати, маданияти, жаҳон, цивилизациясига қўшган ҳиссасини чуқурроқ ўрганиш ҳамда шахсий таркибнинг бу борадаги билимларини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Танлов учта шарт бўйича ташкил этилиб, 15 нафар ходим орасидан "Сиёсий - маънавий ва маърифий асарлар билимдони", "Ҳарбий кўникмаларни шакиллантирувчи асарлар билимдони" ва "Мен севган адиб" номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. Шунингдек, "Темур бобом - менинг фаҳрим" мавзусидаги энг яхши иншо муаллифи ҳам аниқланиб, барча танлов ғолибларига бошқарманинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.