
“Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида 20-21 февраль кунлари Олмазор туманида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳавонинг совуқлигига қарамасдан эрта тонгдан туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўсимликлар карантини бўйича давлат инспекцияси ободонлаштириш бошқармалари томонидан ҳашарчилар ва 300 нафардан зиёд кўнгиллилар фаол иштирок этди.
Ҳашар давомида бир қатор маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди, кўчатлар ўтқазилди, дарахт шохлари буталаниб, шакл берилди ва оқланди, тўпланиб қолган хазонлар ва чиқиндилар махсус ускуна ҳамда техникалар ёрдамида ҳудуддан олиб кетилди.
Маҳаллаларда аҳоли турар жойларини ободонлаштириш, туман кўчаларининг барча ҳудудларида санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда кўкаламзорлаштириш ҳар бир жамият аъзосининг вазифаси ҳисобланади.
Бу каби ободонлаштириш ишларининг бир қатор мутасадди идоралар томонидан беғараз ташкил этилиши, аҳолининг ҳар жиҳатдан обод ва озода шароитларда, экологик тоза ҳудудда истиқомат қилишига хизмат қилади.