
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида бўлиб ўтган Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг сессияси тўғрисида турли хил хабарлар тарқалмоқда.
Жорий йилнинг 17 май куни Андижон вилояти Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг VI-чақириқ ХХ-сессияси Андижон шаҳрида жойлашган 2-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилиши режалаштирилган.
Шу куни мазкур бинога Андижон шаҳар ИИБ бошлиғининг сўровномасига асосан шаҳар Қўриқлаш бўлими ходимлари жамоат тартибини сақлаш учун ўрнатилган тартибда хизматга жалб қилинган.
Мазкур сессия кун тартибига Андижон шаҳар прокурори томонидан киритилган тақдимнома асосида " Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида " ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда шаҳар Кенгаши депутати Ш.Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи қўйилган.
Шу сабабли Андижон шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан сессия иши бошлангунга қадар Андижон шаҳар ИИБ, шаҳар прокуратураси ва ҳокимлигидан ажратилган масъул ходимлар кузатуви остида қўриқлаш ходими томонидан ташриф буюрган сессия қатнашувчилари металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилган ва уяли алоқа ҳамда овозли видеога олувчи воситаларини қолдириб киришлари талаб этилган.
Тарқатилган хабарда акс эттирилган қўриқлаш ходими билан боғлиқ видеотасвир юқорида қайд этилган масъул ходимларнинг биргаликдаги назорати жараёнидан тасвирга олинган.