
Бугунги кунда жамоат хавфсизлиги ва объектлар ишончли қўриқловини таъминлашнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, бу борада Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларини касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.
Айни шу мақсадда Миллий гвардиянинг минтақавий ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб бугунги кунда Миллий гвардия сафларида хизмат қилаётган ходимларнинг малакалари оширилиб келинмоқда.



Куни кеча Миллий гвардия минтақавий ўқув марказларида бошланғич ва қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятлили тугатган умумий 292 нафар, жумладан, Тошкент минтақавий ўқув марказида 67 нафар, Фарғона минтақавий ўқув марказида 115 нафар ҳамда Жиззах минтақавий ўқув марказида таҳсил олган 110 нафар тингловчиларга сертификатлар топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.



Ўқув йиғини давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ИИО, Ҳарбий прокуратура, Ҳарбий суд, вилоятлар Миллий гвардия бошқармалари ҳамда малакали мутахассислар иштирокида амалий семинар ва тренинглар, факультатив машғулотлар ҳамда бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Тингловчилар билим ва кўникмалари ҳам амалий ҳам назарий тарзда чуқур мустаҳкамланди.



Тадбирларда сўз олганлар тингловчиларни ўқув курсларини муваффақиятли якунлаганликлари билан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, тинчлик-омонлик, халқимиз осойишталиги йўлида олиб бораётган шарафли ишларида улкан зафарлар тилашди. Ўқув йиғини давомида ўзининг намунали хулқи, тартиб интизоми билан сафдошларига ўрнак бўлган, аъло баҳоларга ўқиган, спорт мусобақаларида яхши натижага эришган бир гуруҳ тингловчилар марказ бошлиқларининг буйруқлари билан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.