
Ходимларнинг самарали хизмат фаолиятини олиб боришларида уларни руҳий ва психологик ҳолатининг яхши бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Миллий гвардия Фарғона минтақавий ўқув марказида шахсий таркиб билан хизмат давомидаги касбий қобилиятларини ривожлантириш ва уларнинг хизмат жараёнида низоли вазиятлардан чиқишнинг самарали психологик усулларини ўргатиш мақсадида психологик семинар тренинг ташкил этилди. Амалий машғулот тарзида ўтган тренингда тажрибали мутахассис, психология фанлари номзоди, доцент Мустафоева Шириной иштирок этиб руҳий зўриқишлар, салбий эмоционал ҳолатлар, чарчоқ сингари хизматни самарали бажаришларига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни олдини олишга қаратилган психологик машғулотлар ўтказди.



Мутахассис ўз тавсияларида асосий кўзланган мақсад хизмат самарадорлигини янада ошириш ва руҳий зўриқишларини олдини олиш ҳамда фаолиятлари давомида фуқаролар билан самарали мулоқот ўрнатиш, тушуниш, низоли вазиятларни олдини олиш каби ҳолатларга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, тингловчиларни турмуш шароитларини соғломлаштириш, бошлиқлар ва бўйсунувчилар ўртасидаги муносабатни яхшилаш, стресс ва ундан чиқиш, унинг профилактикаси ҳамда стресс ҳолатини келиб чиқиш омиллари, сабаблари, стрессга қаршилик кўрсатиш босқичлари, стресснинг инсон соғлиги ва руҳий ҳолатига ҳамда хизмат фаолиятига салбий таъсирлари, ундан ташқари стрессни бартараф этувчи омиллар тўғрисида маълумотлар берди.