O'zbekiston Respublikasi Davlat Gerbi
O'zbekiston Respublikasining Davlat Bayrog'i
O'zbekiston Respublikasining Davlat Madhiyasi
Telefon: 1131
Mahsus imkoniyatlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ТЎҒРИСИДА

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 12 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳуқуқий мақоми ва асосий вазифалари
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (бундан буён матнда Миллий гвардия деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган махсус туридир. Миллий гвардиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
терроризмга қарши курашишда, шунингдек террорчилик ҳаракатларининг ҳамда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш;
терговга қадар текширувни амалга ошириш, суриштирув ўтказиш, жиноят ишларини қўзғатиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш;
давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ҳамда бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш;
қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш;жамоат тартибини сақлаш, шу жумладан оммавий тадбирлар, митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказилаётганда ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш;
фавқулодда ҳолат, алоҳида давр ва террорчиликка қарши операцияларни ўтказиш шароитларида ҳуқуқий режимни таъминлаш;
қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш;
чет давлатларнинг расмий вакилларини, олий даражадаги хорижий делегацияларни кутиб олишда ва кузатиб қўйишда, Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокидаги тантанали тадбирлар чоғида расмий маросимларни ўтказиш;
ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида аҳоли пунктларидаги жамоат жойларида патруллик қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий мудофааси тизимида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини жанговар қўллаш режалари бўйича махсус вазифаларни ҳал этиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишда кўмаклашиш.
Миллий гвардия Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
4-модда. Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари
Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, ягоналик, мустақилликдан иборатдир.
5-модда. Қонунийлик принципи
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.Қонунларни аниқ бажариш ва уларга риоя этишдан ҳар қандай четга чиқиш, уларнинг сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, қонунийликни бузишдир ва у белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
6-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш принципи
Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширади.Миллий гвардия фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) фуқаронинг шахсий ҳаётига тааллуқли бўлган, унинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларни, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмас.
7-модда. Ягоналик принципи
Миллий гвардия Миллий гвардиянинг қўмондони раҳбарлик қиладиган ягона марказлаштирилган тизимни ташкил қилади.
Миллий гвардия қўмондони ўз фаолиятини амалга оширишда бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.
8-модда. Мустақиллик принципи
Миллий гвардия ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширади.
Миллий гвардия фаолиятига давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.
9-модда. Миллий гвардиянинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлиги
Миллий гвардия ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Миллий гвардияга унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши шарт.
10-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажариш мажбурийлиги
Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари, шу жумладан қонунга риоя этиш, ҳужжатларни, текширув материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассис ажратиш, Миллий гвардияга келиш ҳамда аниқланган қонунбузарликлар хусусида тушунтиришлар бериш тўғрисидаги, қоидабузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар унинг қонуний талаби бўйича бепул тақдим этилади.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талаблари устидан шикоят қилиниши уларнинг бажарилишини тўхтатиб турмайди.
11-модда. Фан ютуқларидан, замонавий технологиялардан ва ахборот тизимларидан фойдаланиш
Миллий гвардия ўз фаолиятида фан ютуқлари, инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмалар, шунингдек ахборот тизимларидан фойдаланади.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш чоғида техник воситалардан, шу жумладан аудио-, фото- ва видео қайд этиш, криптография воситаларидан ҳамда бошқа махсус воситалардан фойдаланиши мумкин.

батафсил: https://www.lex.uz/docs/5128310
54-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2020 йил 18 ноябрь,
ЎРҚ-647-сон

батафсил: https://www.lex.uz/docs/5128310

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ҚЎРИҚЛАШ БОШ БОШҚАРМАСИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ СИФАТ ЖИҲАТИДАН ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

[Кўчирма]

Сўнгги йилларда Республикада давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни самарали қўриқлашни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Илғор хорижий тажриба асосида қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация тизимлари жорий қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг қўриқлашга олинган объектлари сони сўнгги икки йилда 15 фоизга ошди.

Шу билан бирга, қўриқлаш фаолиятига замонавий қўриқлаш технологияларини кенг жорий этиш орқали қўриқлаш хизматининг қамровини янада кенгайтириш, ходимларнинг касбий маҳорати, билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, соҳада бошқарув фаолияти самарадорлигини таъминлаш билан боғлик тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш бўлинмаларининг яхлит тизимини шакллантириш, қўриқлаш хизматларини кўрсатиш соҳасида самарали бошқарувни амалга ошириш хамда бу борадаги фаолиятни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизматини Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда — Қўриқлаш бош бошқармаси) этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Қўриқлаш бош бошқармасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

шартнома асосида давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарини қўриқлаш;

қўриқланаётган объектларда ички, рухсат бериш режимларини хамда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш;

қўриқлаш воситалари ва тизимларини кўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни ва улардан фойдаланиш устидан самарали назоратни таъминлаш, шунингдек, қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг миқёсда жорий этиш;

шартнома асосида техник қўриқлаш воситаларини ўрнатиш (созлаш), уларга техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш;

давлат ташкилотлари, шунингдек, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли қўриқлаш бўлинмаларида инспекторлик назорат текширувларини ўтказиш (ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмалардан ташқари), объектларда ички, рухсат бериш режимларига риоя этилишига доир тадбирларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш, аҳоли гавжум жойларда жамоат тартибини сақлашда ҳуқуқ-тартибот органларига кўмаклашиш.

3. Белгилансинки, Қўриқлаш бош бошқармаси мустақил таркибий бўлинма ҳисобланади ҳамда ўз ваколатлари доирасида давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш бўйича вазифалар ва функцияларни кўрсатилаётган қўриқлаш хизматлари учун тушадиган маблағлар ҳисобига, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш, харажатларни қоплаш ва мустақил хўжалик юритиш тамойили асосида амалга оширади.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қўриқлаш бошқармаларининг намунавий ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Туман (шаҳар) қўриқлаш бўлимларининг намунавий ташкилий тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси ишчи ва хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича лавозим тариф разрядларининг рўйхати 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Шундай тартиб белгилансинки, унга кўра:

а) Қўриқлаш бош бошқармасининг шаҳодатланган таркиби Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ходимлари ҳисобланади, ҳуқуқий мақоми бўйича ички ишлар органлари ходимларига тенглаштирилади;

б) 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларига ҳар ойда уларнинг лавозим маошига 20 фоиз миқдорда ойлик устама белгиланади;

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Қўриқлаш бош бошқармаси ишчи ва хизматчиларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари ўртача икки бараваргача оширилган миқдорда қўлланилади.

6. Белгилансинки, 2021 йил 1 майдан бошлаб:

а) объектларни қўриқлаш тизими «Юқори сифат ва қулай нарх» тамойили асосида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш орқали босқичма-босқич такомиллаштирилади:

шаҳодатланган таркиб томонидан қўриқланадиган объектларни босқичма-босқич ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларига ўтказиш;

мақбуллаштирилган аралаш қўриқлаш турларини жорий қилиш;

замонавий техник қўриқлаш воситаларини жорий этиш орқали жисмоний қўриқлашни узлуксиз қисқартириб бориш.

Бунда ушбу чора-тадбирлар уч босқичда, куйидаги объектларга нисбатан амалга оширилади:

2022 йил 1 январга қадар — вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ҳокимликларнинг маъмурий бинолари, ўқув ва маданий муассасалар, чакана амалиёт кассалари, банк хизматлари марказлари;

2022 йил 1 июлга қадар — ишлаб чиқариш объектлари, бозорлар, савдо марказлари, телерадиоузатув объектлари, сув иншоотлари;

2023 йил 1 январга қадар — банк бинолари ва бошқа объектлар;

б) Қўриқлаш бош бошқармаси куч ва воситаларини бошқариш тизими қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш орқали такомиллаштирилади:

ортиқча харажатларни қисқартириш ҳамда куч ва воситаларни бошқариш самарадорлигини ошириш учун ҳудудий бўлинмалар сонини мақбуллаштириш;

саф бўлинмаларини туман (шаҳар) қўриқлаш бўлимлари сифатида қайта ташкил этиш;

қўриқлаш хизмати кўрсатилаётган объектлар жойлашиши ва шахсий таркиб сонини инобатга олган ҳолда туманлараро қўриқлаш бўлимларини ташкил этиш;

в) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчи ва ходимлари лавозимларини (бундан тор доирадаги мутахассисликка эга бўлган номзодлар мустасно) жамлаш устувор тарзда Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларининг тегишли касбий тайёргарликка эга, тайёргарлик машғулотлари ва танлов босқичларидан ўтган ишчи ва хизматчилари орасидан танлаб олиш орқали амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонига:

жисмоний ва юридик шахслар билан қўриқлаш хизмати кўрсатиш борасида тузилган шартномалар асосида Қўриқлаш бош бошқармасининг ташкилий-штат тузилмасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш;

Миллий гвардия томонидан кўрсатиладиган қўриқлаш хизматларининг тарифларини (нархларини) Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, бошқа юридик ва жисмоний шахслар учун — мустақил белгилаш ҳуқуқи берилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:

а) 2021 йил 1 майга қадар объектлар хавфсизлигини таъминлаш тизимига замонавий қўриқлаш воситаларини жорий этиш ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда уни модернизация қилишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) 2021 йил 1 июнга қадар:Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг тарифларини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин;

Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштирилган соқчилик ва қоровуллик бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

в) қўриқлаш бўлинмаларини техника, қурол-аслаҳа, махсус воситалар ва бошқа зарур мол-мулкнинг янги намуналари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

г) Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти, Ихтисослаштирилган ўқув маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Фарғона вилоятлари минтақавий ўқув марказлари базасида Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларини бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этсин;

д) Қўриқлаш бош бошқармаси маблағлари ҳисобидан Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Фарғона вилоятлари минтақавий ўқув марказларини реконструкция қилиш, жорий таъмирлаш ва моддий таъминлашни амалга оширсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кўрсатилаётган қўриқлаш хизматлари такомиллаштирилишини инобатга олиб, тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа бюджет ташкилотларининг ҳисоб-китобларига асосан уларнинг харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритсин.

10. Тасарруфида Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан қўриқланаётган объектлари бўлган вазирликлар ва идоралар раҳбарлари қўриқлашнинг янги механизмини жорий этиш босқичларидан келиб чиққан ҳолда:

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва жисмоний қўриқлашни қисқартириш ҳисобига тасарруфидаги объектларнинг қўриқлаш тизимлари қайтадан кўриб чиқилишини;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан бирга янгидан тасдиқланган тарифлар асосида қўриқлаш хизмати кўрсатиш борасидаги шартномаларнинг қайтадан тузилишини таъминласин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, ҳудудлардаги крименоген вазиятни эътиборга олган ҳолда, техник қўриқлаш марказларини очиш, уларнинг тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларини ташкил этиш, бино ва иншоотлар билан таъминлаш, аҳоли ва мулкдорлар ўртасида қўриқлаш хизматини тарғиб этишда Қўриқлаш бош бошқармасига ҳар томонлама кўмаклашсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

2021 йил 1 майга қадар манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин;

2021 йил 1 июнга қадар мамлакат ҳудудида интеграллашган техник қўриқлаш воситаларини ишлаб чиқилишини (маҳаллийлаштиришни) назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрлансин ва тақдим этилсин.

13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан биргаликда жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўриқлаш бош бошқармаси хизматларидан фойдаланишга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган ахборот-тушунтириш тадбирларини мунтазам равишда амалга ошириб борсин.

14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2021 йил 20 февраль,

ПҚ-4997-сон

батафсил: https://lex.uz/docs/5300150

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Мамлакатимизда шахс, жамият ва давлатга тегишли объектларни ҳамда мол-мулкларни ишончли қўриқлашни такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизматининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таркибига ўтказилгани;

давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашни ташкил этиш, шунингдек, давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси зиммасига юклатилгани;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар, шунингдек, бюджет ташкилотлари ўз объектларида рухсат бериш режимини ва мол-мулкларини қўриқлашни таъминлашда — шартнома асосида фақат Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг хизматидан фойдаланиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини шартнома асосида қўриқлашни ташкил этиш;

давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш, қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувларини ўтказиш, идоравий қўриқлаш бўлинмалари объектларида ички режим ва рухсат бериш режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш;

қўриқланаётган объектларда ички режим, рухсат бериш режимлари ва мол-мулкни қўриқлашни, жамоат тартибини сақлашни ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этишга кўмаклашишни таъминлаш;

қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш, қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни ҳамда улардан фойдаланиш бўйича самарали назоратни амалга ошириш;

аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизматидан фойдаланишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган ахборот-тушунтириш мазмунидаги тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини амалга ошириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқ ва бурчлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

б) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан кўрсатиладиган қўриқлаш хизматларининг тарифлари (нархлари):

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари учун — Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади;

бошқа ташкилотлар учун — Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони томонидан мустақил белгиланади.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати ҳақидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси ҳақидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан қўриқланадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар, шунингдек, бюджет ташкилотлари раҳбарлари уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш бўлинмаларининг рухсат бериш ва объект ички режимларини таъминлаш ҳамда мулкни қўриқлаш бўйича вазифаларни самарали амалга ошириш учун етарли шарт-шароитлар яратсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Б.Х. Ташматов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 3 июль,

555-сон

батафсил: https://lex.uz/docs/4399172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИНИНГ ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИ БЎЛИНМАЛАРИ ТОМОНИДАН ҚЎРИҚЛАНАДИГАН ОБЪЕКТЛАР РЎЙХАТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

Жисмоний ва юридик шахслар мулкини, жамиятнинг барқарор ривожланиши учун ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган объектларни ишончли қўриқлашни таъминлашда ягона тамойил ва ёндашувларни жорий этиш ҳисобга олинган ҳолда, қўриқлаш фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, қўриқлаш хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини қўриқлашни ташкил этиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириши, шунингдек, давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиши;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси ўз ваколатлари доирасида ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш, харажатларини қоплаш ва мустақил хўжалик юритиш тамойили асосида қўриқлаш фаолияти хизматларини кўрсатиш шартномаларига асосан келиб тушадиган маблағлардан фойдаланган ҳолда давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, жисмоний ва юридик шахслар мулкини қўриқлаш вазифасини амалга ошириши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда белгиланган тартибда:

2020 йил якунига қадар ушбу қарор билан тасдиқланган рўйхатга асосан объектларни босқичма-босқич қабул қилиниши ва қўриқланишини;

2020-2021 йиллар давомида қўриқланадиган объектлар техник жиҳатдан жиҳозланганлиги хатловдан ўтказилиб, унинг натижалари асосида объектларни зарур муҳандислик-техник воситалар билан қўшимча жиҳозлаш юзасидан чоралар кўрилишини таъминлансин.

4. Белгилансинки:

ушбу қарор билан тасдиқланган рўйхат Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек, уларга бўйсунувчи юридик шахслар томонидан ўз ваколатлари доирасида қўриқланадиган объектларга татбиқ этилмайди;

жисмоний шахсларга ва тадбиркорлик субъектларига тегишли объектлар қонун ҳужжатларида бошқача назарда тутилмаган бўлса, уларнинг ихтиёрига кўра тузилган шартномаларга асосан қўриқланади.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ― молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Б.Х. Ташматов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 21 ноябрь,

930-сон

батафсил: https://lex.uz/docs/4602557

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ, ШУНИНГДЕК, БАЪЗИЛАРИНИ ЎЗ КУЧИНИ ЙЎҚОТГАН ДЕБ ҲИСОБЛАШ ТЎҒРИСИДА (ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ҚЎРИҚЛАШ БОШ БОШҚАРМАСИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ СИФАТ ЖИҲАТИДАН ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА» 2021 ЙИЛ 20 ФЕВРАЛДАГИ ПҚ-4997-СОН ҚАРОРИ)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 20 февралдаги ПҚ-4997-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 1-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Р.М. Джураев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 29 май,

334-сон

батафсил: https://lex.uz/docs/5439410

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА

Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2021 йил 27 августда маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 338-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 269-модда; 1997 йил, № 4-5, 126-модда; 1998 йил, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 5, 112-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда; 2002 йил, № 4-5, 74-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 5, 152-модда; 2007 йил, № 12, 590, 608-моддалар; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2010 йил, № 5, 178-модда, № 9, 334-модда, № 12, 472-модда; 2012 йил, № 1, 4-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 12, 341-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 12, 383, 384-моддалар; 2018 йил, № 1, 1-модда, № 10, 676-модда, № 12, 783-модда; 2019 йил, № 5, 265-модда, № 8, 469-модда, № 9, 592-модда, № 11, 792-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 11, 652-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:

1) 5-модданинг номи ва матни «ички ишлар органларининг» деган сўзлардан кейин «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

2) 28-модданинг «и» банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:«и) вафоти ҳарбий хизмат ёки ички ишлар органларидаги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясидаги хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг ота-оналарига ва янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига (бева эрларига) — пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 30 фоизи»;
батафсил: https://lex.uz/docs/5701569